@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қандай қилиб Ўзбекистон молиявий оқимларнинг минтақавий марказига айланиши мумкин?

 2021-10-22 22:00:00   |     Просмотров: 1882

Жорий йилнинг 21 октябрь куни Халқаро медиа-холлда “Қулай ишбилармонлик муҳити: қандай қилиб Ўзбекистон молиявий оқимларнинг минтақавий марказига айланиши мумкин?” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов, korzinka.uz асосчиси, тадбиркор Зафар Ҳошимов ҳамда Dekos корхонаси бош директори, тадбиркор Ҳасан Мамасаидов иштирок этди. Мулоқотга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов модераторлик қилди.

Бугун Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш, уни жаҳон бозорларига интеграция қилиш борасида қатор муҳим қадамлар қўйилди ва ютуқларга эришилди. Бунга мисол тариқасида 2017 йилда валюта бозорининг либераллаштирилгани, миллий валюта – сўмни эркин айирбошлашга рухсат берилгани, хўжалик юритувчи субъектлар ўз валюта ресурсларини эркин тасарруф этиш имконига эга бўлгани, валюта тушумларини сотиш мажбуриятидан озод қилингани, Ҳукуматнинг тадбиркорлик муҳитини яратишга қаратилган фаол солиқ сиёсатини олиб боргани, бунда солиқ турларининг соддалаштирилгани, солиқ юкининг камайтирилганини айтиш мумкин. Бизнес юритиш шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорликка оид ислоҳотларни жадал давом эттириш, уларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йилда кузатилган пандемия соҳага таъсир қилмай қолмади. Олдинда қилиниши керак бўлган янги вазифаларни қўйди. Очиқ мулоқотда спикерлар эришилган ютуқлар ҳамда истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди.

Лазиз Қудратов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари:

— Валюта сиёсатининг либераллаштирилиши, конвертацияга йўл очилиши албатта, тадбиркорларга кенг йўл очди. Бугун юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар, хорижий инвесторлар бу борада ҳеч қандай тўсиқларга дуч келаётгани йўқ. Мамлакатга инвестицияни жалб қилиш учун ташланган яна бир муҳим қадам бу  —  виза режимининг жорий этилишидир. Бугун 90 дан ортиқ мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз келиши мумкин. Виза сиёсатида республикамиз МДҲ мамлакатлари орасида етакчи ҳисобланади. Реал иқтисодиётда давлат улушининг камайтирилиши, миллий иқтисодиётда хусусий сектор ролини ошириш бўйича қилинган ишларни ҳам эътироф этиш керак. Ҳозирга қадар 620 та давлат ташкилотларининг активларини хусусийлаштириш, трансформация қилиш ҳаракатлари шаффоф тарзда амалга ошириляпти. Хусусий секторнинг иқтисодиётнинг реал секторидаги иштироки – мамалакатнинг кўп муддатли манфаатлари ва барқарор ривожланишни таъминлашига қатъий ишонамиз.  

Қудратов хорижий инвесторлар иштирокидаги йирик лойиҳаларга тўхталар экан, шу йилнинг сентябрь ойида Навоийда БАА компанияси томонидан Қуёш электр станцияси қурилиб, ишга туширилганини алоҳида таъкидлади.

Маълум қилинишича, жорий йилда илк бор Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказиш, унинг форматида иштирокчиларнинг Президент билан учрашувларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Спикерлардан бири молия вазири ўринбосари Одилжон Исоқов вазирлик томонидан тадбиркорларга берилаётган солиқ имтиёзлари ҳақида гапирди. Жумладан, бугунга келиб, солиқлар тури 16 тадан 9 тага камайтирилган, мол-мулк солиғи ставкаси ҳам 2 баробарга пасайтирилган. Бу триллионлаб маблағлар тадбиркорларнинг ўзида қолишига имкон берди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 16 трлн сўм кредитлар йўналтирилди. Бизнес учун зарур бўлган инфратузилма яратишга эътибор қаратилди. Бунга 1,4 трлн сўм ажратилган, маҳаллий ҳокимликлар қошида Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинган.

— Ўзбекистон 24 та халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашда давом этади. Зеро, қулай тадбиркорлик муҳити ва рейтинглардан ўрин олиш инвесторлар учун катта аҳамиятга эга. Инвестор мамлакатга сармоя киритишда ана шу индексларга қарайди, - дейди Исоқов.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги томонидан “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқиляпти. Келаси йил бошида уни депутатларга тақдим қилиш кўзда тутилган.

Маълумки, 2017 йилда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил институти жорий қилинди. Ваколатли бизнес-омбудсман тадбиркорлар фаолиятида қонунийликни таъминлайди, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлайди.

Ўтган вақт мобайнида бу борада қандай янгиликлар бўлди? Бу ҳақда Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов шундай деди:

— Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга бир қатор имтиёзлар берилди. Бунинг натижасида 2020 йилда 195 мингта, жорий йилнинг ўтган 9 ойида эса 147 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Тадбиркорларни текшириш турлари кескин камайтирилди, уларнинг жавобгарлик масаласи либераллаштирилди. 14 мингдан ортиқ мурожатлар кўриб чиқил, уларнинг 6, 5 мингга яқини ижобий ҳал қилинди. Мингдан ортиқ ноқонуний қароорлар бекор қилинди. 12 минг гектардан ортиқ ер тадбирколарга қайтариб берилди. Олий суд тузилмасида Инвестицион низолар ва рақобага оид ишларни кўриб чиқиш бўйича судлов таркиби ташкил қилинди. Таркибда катта инвесторларнинг давлат органлари билан инвестицион низолари кўриб чиқилади. Эндиликда низоли инвестор аввал бўлгани каби биринчи инстанция судларига эмас, тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

Мулоқотда тадбиркорлар Зафар Ҳошимов ҳамда Ҳасан Мамасаидов ўз тажрибалари, давлат сиёсати даражасидаги тадбиркорларга бўлган эътибор уларнинг фаолиятига қанчалик ижобий таъсир кўрсатгани борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати