@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Тошкентда Президент сайловини ёритиш бўйича Халқаро медиа-холл иш бошлади

 2021-10-14 19:29:00   |     Просмотров: 3511

14 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини холис ва ҳаққоний ёритишни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Халқаро медиа-холл очилди. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган Медиа-холл Ёшлар ижод саройида фаолиятини олиб боради.

Медиа платформа очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари  ва сенаторлар, вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, дипломатик корпус, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари  вакиллари, блогерлар, фаол ёшлар иштирок этди.

Сайлов кампанияси ўз якунига етмоқда. Ўн кундан сўнг фуқаролар сайлов участкаларига бориб, Президентликка қўйилган номзодларга ўз овозини беради. Сайлов жараёнларини кузатиш учун юртимизга халқаро ОАВ вакиллари, халқаро ташкилотлар ва хориж мамлакатларнинг кузатувчилари келмоқда. Ташкил этилган ушбу Медиа-холл маҳаллий ва хорижий ОАВ учун очиқ мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади ҳамда биринчилардан бўлиб ахборот олиш имконини беради.

Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Cпикери ўринбосари Акмал Саидов, Марказий cайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев, ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Абдуҳолиқов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Шерзод Олимов сўзга чиқиб, мамлакатимизда ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Президент сайловини кенг ва холисона ёритишда, сайловнинг халқаро андозаларга ва демократик тамойилларга мувофиқ тарзда ўтказилишида, оммавий ахборот воситалари учун транспарентлик ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашда  ушбу Медиа-холл катта ёрдам беришини алоҳида таъкидлади. Сайловолди кампаниясининг якуний босқичида жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, оммавий ахборот воситалари вакилларига нафақат сайлов жараёнлари, балки сўнгги беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида тўлақонли маълумот олишлари учун тенг шароит ва имкониятлар яратишга кўмаклашади.

Бу ерда турли брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш, сиёсий партиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ташкил қилиш, интервьюлар олиш, турли кўрсатувлар, медиамаҳсулотлар суратга олиш учун  барча шароитлар яратилган.

10 кун давомида мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг дастурлари тақдимоти, тегишли вазирлик ва идоралар, экспертлар иштирокида юртимизда сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларда амалга оширилган ишлар бўйича мулоқотлар, долзарб мавзудаги баҳс-мунозаралар, маҳорат дарслари, қизиқарли танловлар, жами 40 дан ортиқ тадбирлар  ўтказилиши кўзда тутилган. 5 минг нафардан зиёд иқтидорли, фаол ёшлар, ижодкор талабалар, ёш мутахассислар иштирок этади.

Шунингдек, Халқаро медиа-холл кун тартибидан концертлар, фильм тақдимотлари, қатор маданий дастурлар ҳам ўрин олган.

Очилиш маросими “Бир кунлик тўй” бадиий фильми намойиши билан якунланди.

Халқаро медиа-холл 2021 йилнинг 26 октябрига қадар фаолиятини олиб боради.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмат