“Юксалиш” УМҲ платформасида бандлик ва меҳнат муносабатлари масалаларига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди
Жорий йилнинг 22 сентябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг платформасида навбатдаги жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Тадбир Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юклатилган вазифаларнинг ижросига бағишланди. Жумладан, вазирлик фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар, уларнинг жойлардаги ижро ҳолатининг сифати, тўлиқлиги ва кўлами таҳлили асосида масъуллар томонидан ҳисобот тақдим этилди.
Тадбирда соҳа мутахассислари, ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш жараёнлари юзасидан батафсил ахборот берилди. Хусусан, Адлия вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та Фармони, 9 та қарори, шунингдек, улар асосида қабул қилинган Ҳукуматнинг 3 та қарорлари ижроси аҳволи ўрганилди.
Қайд этилишича, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали келиб тушган 540 та (1 та қонун, 97 та Фармон, 279 та қарор, 10 та фармойиш ва 153 та баён) ҳужжатлардаги 2 446 та назоратга олинган бандларнинг 2 120 таси (86,6%) бажарилган, шу жумладан, 306 та (12,5%) топшириқлар муддатидан кеч бажарилган, 324 та топшириқ ижро жараёнида (13,2%), 3 та топшириқнинг ижро муддати ўтган.
Шу билан бирга, оммавий равишда ишдан бўшатилган (бўшатилаётган) ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарали ташкил этилмаганлиги;
иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва иш ўринларини захирага қўйиш ишлари қониқарсиз равишда ташкил этилганлиги;
таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича етарли чоралар кўрилмаганлиги;
уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига уйлар ажратилмасдан келинаётганлиги, шунингдек, мигрантларга ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун микроқарз бериш тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги ва бошқа шу каби долзарб масалалар юзасидан мутасаддилардан изоҳ сўралди.
Жамоатчилик эшитуви иштирокчиларининг саволларига ушбу вазирлик мутасадди раҳбарлари томонидан жавоблар берилди.
Келгусида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига юклатилган топшириқларнинг ижросини самарали таъминлаш, белгиланган мақсадларга эришишнинг барча чораларини кўриш бўйича устувор вазифалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик билан фаол мулоқот олиб бориш масалалари белгилаб олинди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати