@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Биз турличамиз, лекин биз биргамиз

 2021-08-27 15:42:43   |     Просмотров: 2729

27 август куни Фарғона давлат университети қошидаги Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик марказида “Биз турличамиз, лекин биз биргамиз: кўп миллатли жамиятда тинчлик ва тотувликни қандай сақлаш керак” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбати Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий ва соҳалараро мулоқот” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, қўшни республикалар билан чегарадош маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ёшлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, Фарғона давлат университети профессорлар-ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди.

Тадбирнинг мақсади — бузғунчи ғоялар тарқалишининг профилактикаси ва уларни олдини олиш, маҳаллада тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш учун мулоқотни ривожлантириш каби масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, чегара ҳудудларидаги ёшлар дуч келаётган муаммо ва таҳдидларни аниқлашдир.

Таъкидлангандек, лойиҳа доирасида Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик марказида мутахассислар жалб қилган ҳолда 15 дан ортиқ медиа тренинг ва семинарлар ташкил этилди. Натижада ҳар бир мамлакатда “Ёшлар хабарчилари” ёшлар гуруҳлари тузилди. Марказ мақсадли мамлакатлар ёшлари учун таълим ва мунозара майдончаси вазифасини бажаришда давом этмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг контент-таҳлили асосида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбарлигида учта мамлакатида жорий этиладиган медиа стратегия яратилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа доирасида Фарғона водийсининг чегарадош ҳудудларида кичик фестиваллар, маданият марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ахборот стендларини яратиш, маданий кўргазмалар каби бир қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Бунинг учун грантлар ажратилади.

Режалаштирилган тадбирлар мақсадли мамлакатларнинг ёшларини конструктив мулоқотга ўргатиш, ўз нуқтаи назарини малакали ва ишончли тарзда ифода этиш, суҳбатдошнинг фикри ва нуқтаи назарини ҳурмат қилиш, чегарадош давлатлар ёшлари билан дўстона муносабатлар ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга мўлжалланган.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида камида 40 та мунозара ва дебат дастурларини амалга ошириш, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун тренинглар ўтказиш, шунингдек, Тошкентда йирик фестивал ташкил этиш кўзда тутилган.

Давра суҳбати давомида Фарғона вилоятида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан ёшларни бузғунчи оқимларга тушиб қолишидан асраш, ёшлар ва аёлларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, маҳаллаларда тинчлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир якунида иштирокчилар томонидан ушбу йўналишларда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилдии.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Матбуот хизмати