@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини оширишга қаратилган лойиҳа Андижон ва Самарқанднинг 8 та маҳалласини қамраб олди

 2021-07-19 11:45:56   |     Просмотров: 2414

Хабар қилинганидек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Фарғона вилояти “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини ошириш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

   Лойиҳа доирасида республиканинг учта – Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги иккитадан туман ҳамда иккитадан маҳалласида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига моддий кўмак кўрсатиш, кичик инфратузилмасини яхшилаш, тиббиёт муассасаларига тиббий буюмлар тақдим этиш кўзда тутилган.

  Лойиҳанинг биринчи босқичи июнь ойида Андижон вилоятида амалга оширилди. Вилоятнинг Хонобод шаҳридаги “Истиқлол” ва “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғинларида, Жалақудуқ туманининг “Намуна” ва “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинларида ишчи гуруҳ ҳамда МФЙлар фаоллари иштирокида маслаҳат учрашувлари ўтказилди. Учрашувларда маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар рўйхати тузилди, инфратузилмавий муаммолар аниқлаб олинди. Сўнг, жойига чиқиб ўрганилди: эҳтиёжмандлар уйларига борилди, улар билан суҳбат қурилди, кўча ва ариқлар ҳолати, сув манбалари, трансформаторлар кўздан кечирилди. Оилавий шифокорлик пунктларининг шароитлари ўрганилди, якунда уларни “COVID тўпламлари” билан таъминлаш кўзда тутилган.

P/S. Андижон вилоятида амалга оширилган ишлар жараёни ва суратлар батафсил лойиҳанинг Телеграм-каналида (https://t.me/aholiga_yordam) мавжуд.

Иккинчи босқич – Самарқандда

   “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини ошириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи 12—16 июль кунлари Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларида ўтказилди. Беш кун давомида ушбу туманлардан танлаб олинган 4 та МФЙ раислари, фаоллари, туман ҳокимликлари ва ташкилотларидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Қишлоқ оилавий поликлиникалари мудирлари иштирокида муҳокама учрашувлари бўлиб ўтди.

Самарқанд вилоятининг 2 та туманидан лойиҳа мезонларидан келиб чиқиб, маҳаллалар танлаб олинди:

  • Пахтачи туманидан — “Дўнг” ва “Гулобод” МФЙлари;
  • Қўшработ туманидан — “Юқори Жўш” ва “Тоз” МФЙлари.

   Лойиҳа бўйича иш олиб борувчи мақсадли гуруҳ дастлаб Пахтачи туманидаги “Гулобод” ҳамда “Дўнг” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, эҳтиёжманд оилалар ва инфратузилма муаммолари аниқлаб олди. Инфратузилма бўйича электр, табиий газ, сув таъминоти, ички йўлларни яхшилаш, электр сим ёғочларини алмаштириш, кўприкни таъмирлаш муҳим деб белгиланди. Шунингдек, ушбу МФЙлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатувчи Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли "Қурбон Ражабов" ҳамда "Қораминос" оилавий шифокорлик пунктлари шароитлари ўрганилди.

   Навбатдаги манзил — Қўшработ туманидаги “Юқори Жўш” ҳамда “Тоз” МФЙлари бўлди. Ҳар икки маҳалла туман марказидан анча олисда (Юқори Жўш – 42 км, Тоз – 65 км) жойлашган, 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди.

  Маҳалла фаоллари иштирокида эҳтиёжманд оилалар, инфратузилма муаммолар аниқлаб олингач, жойига чиқиб ўрганилди. Юқори Жўш, Чорбоқ, Қуруқсой кўчалари бўйлаб 28 та хонадон кўздан кечирилди, эҳтиёжманд оилалар вакиллари билан суҳбат қурилди. Суҳбат давомида фуқароларнинг аксарияти оғир шароитларда яшаши аён бўлди, бунга асосий сабаблардан бири — ишсизлик. “Биз ишлашни хоҳлаймиз, лекин иш йўқ”, дейди улар. Бу ушбу ҳудуднинг бош муаммоси.

  Инфратузилма муаммоси эса асосан электр сим ёғочларидир. Улар айни пайтда эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. “Трансформатор ҳам эскирган, аҳолининг айтишича, авария ҳолатлари тез-тез юз берар экан. Баъзи хонадон эгалари қўлбола усулда ёғоч устунлар ўрнатиб, уйларига ўзбошимчалик билан электр симларини тортиб олган. Биз бу масалаларни тегишли идоралар билан маслаҳатлашиб, ечим топишга ҳаракат қиламиз”, - дейди лойиҳа муҳандиси Шуҳрат Азизов.

   Лойиҳа доирасида ҳар икки МФЙда ёғоч устунларни темир-бетон устунларига алмаштиришда кўмаклашилади.

P/S. Самарқанд вилоятида амалга оширилган ишлар жараёни ва суратлар батафсил лойиҳанинг Телеграм-каналида (https://t.me/aholiga_yordam) мавжуд.

Кейинги манзил – Қашқадарё

  Мазкур лойиҳанинг учинчи босқичи Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Қарши туманларида ўтказилади. Мезонларга тўғри келувчи иккитадан маҳаллани танлаб олиш ва Андижон, Самарқанд тажрибаси асосида иш олиб бориш режалаштирилмоқда.

 Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳанинг умумий бюджети 400 минг еврога тенг, у 18 ой мобайнида амалга оширилади ва 2022 йил январь ойидан тадбиқ этилади.

                                   “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати