@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида “йўл харитаси” имзоланди

 2019-04-26 11:06:30   |     Просмотров: 5086

2019 йилнинг 26 апрель куни “Юксалиш” ҳаракати ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида “йўл харитаси” имзоланди. Унда 2019 йилда ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган қатор лойиҳалар ва чора-тадбирлар белгиланган.

Ҳужжат БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов иштирокида бўлиб ўтган учрашув якунида имзоланди.

Томонлар икки ташкилот ўз олдига қўйган мақсадларни биргаликда амалга оширишга ҳайрихоҳ эканликларини билдирдилар. Жумладан, ҳамкорлик доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларидан хабардорлигини ҳамда автотранспортда ҳаракатланиш маданиятини ошириш каби лойиҳалар ўрин олган.

Бундан ташқари, Термиз шаҳрида афғон ёшлари учун Барқарор ривожланиш мақсадлари ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бурчагини ташкил этиш, ҳудудий олий таълим муассасалари талабалари иштирокида семинар ва илмий конференциялар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 февраль куни БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида учрашув ташкил этилган эди. Музокаралар натижасида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” ишлаб чиқишга келишиб олгандилар.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати