@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Онкобемор болалар учун “Ezgu amal” марафони (сарҳисоб)

 2021-06-28 20:35:00   |     Просмотров: 4167
Саратон касаллигига чалинган ва даволанаётган болалар учун ўтказилган “Ezgu amal” хайрия марафони "Tahsin” мукофоти билан тақдирланди. Ушбу мукофот 2019 йилдан буён ижтимоий фаол, ижодкор ва ташаббускор фуқароларга, шу жумладан Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшаётган ёшларга бериб келинади.
“Юксалиш” умуммилллий ҳаракати ҳамда "Ezgu amal” жамоат фонди ташаббуси билан саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 1 майидан 9 июнига қадар “Ezgu amal” онлайн хайрия марафони ташкил этилди.
Мазкур хайрия ишига давлат бошқарув органлари, нодавлат ташкилотлар, бизнес вакиллари ҳамда минглаб саховатпеша фуқаролар хайрихоҳлик билдиришди.
Марафон доирасида бемор болаларга хайрия қилишни истаган инсонлардан 229 685 164 сўм келиб тушди. Шу жумладан, Payme, Paynet, Click, Apelsin тўлов тизимларидан 127 082 392 сўм, ezguamal.org веб-сайтида орқали 35 602 772 сўм, юридик шахслардан эса ҳисоб рақамига 67 000 000 сўм ўтказилган.
Марафон турли форматдаги тадбирларни ўз ичига олди, жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, давра суҳбатлари, мутахассислар, маданият ва бизнес вакиллари билан учрашувлар, маҳорат дарслари, интервьюлар ва тақдимотлар. Хусусан, марафон "финиш"ида касалликни енгиб ўтган болалар таниқли хонандалар билан битта саҳнага чиқишди, биргаликда куйлашди. Барчаси саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қаратилди. 
Марафон доирасида тўпланган маблағларга 17 нафар онкобемор боланинг тиббий хизмати, даволаниши ва дори-дармони учун тўловлар қилинди. Бу эса уларнинг шифо топишига имкон берди.
Онлайн марафон якунланди, аммо онкобемор болаларнинг даволанишига ёрдам бериш зарурати бор. Хайрия қилмоқчи бўлган фуқаролар марафондан кейин ҳам эзгу ишларни давом эттириши мумкин. Бунинг учун ezguamal.org сайтида махсус тўлов тизими жорий қилинган, у орқали онлайн режимда ҳам келиб тушган маблағларни, улар қайси мақсадларга йўналтирилганини кузатиб бориш мумкин.
 
Ижтимоий тармоқларда челленж
 
“Ezgu amal” хайрия марафони доирасида ижтимоий тармоқларда челленж эълон қилинди. Челленжга кўплаб медиа соҳаси вакиллари, жамоат фаоллари, бизнес эгалари қўшилди. Бир ой мобайнида даволанишнинг турли босқичларида бўлган бемор болаларга манзилли ёрдам кўрсатиш учун ҳамкор ташкилотлар, корхоналар ва жамоатчилик кучларини сафарбар этишга муваффақ бўлинди. Масалан, “Eriell Group”  марафон доирасида 50 миллион сўм маблағни фонднинг махсус ҳисоб рақамига ўтказди. Ушбу маблағлар дори-дармон сотиб олиш ва 5 нафар бола учун тиббий хизматларни тўлаш, шунингдек, Миллий болалар тиббиёт марказининг онкогематология бўлимида болалар хонасини безатишга сарфланди.
                                                                                             
“Яхшилик бумеранги”
Бу “Ezgu Amal” хайрия марафонига старт берилган илк кунларданоқ қўллаб-қувватлаган ва чақириқларга жавоб берган ташаббускор гуруҳ номи. Ушбу ташаббускор гуруҳ самарқандлик 8 ёшли бемор Солиҳ Жаявеернинг даволаниши учун 60 миллион 300 минг сўм маблағ тўплашга кўмаклашди (беморга 225 миллион сўмдан зиёд маблағ зарур эди). 
“Яхшилик бумеранги” гуруҳи Ўзбекистон волонтёрлари томонидан 2019 йилда ташкил этилган. Телеграмдаги https://t.me/Bumerang_Dobra_uz гуруҳи орқали фаоллар-админлар (ҳозирги кунда гуруҳда республиканинг турли ҳудудларидан ва Россиядан 23 нафар волонтёр бор) оғир касалларни ва қийин аҳволда қолган одамларни даволаш учун маблағ йиғиш тадбирларини ташкил қилмоқда. 
Гуруҳ дастлаб бир нафар болага ёрдам бериш учун тузилган. Аммо волонтёрлар бу билан чекланмади. Биринчи ёрдам эълонидан кейин гуруҳ вакилларига ёрдам сўраб ёзадиганлар кўпайди. Уларнинг тақдим этган ҳужжатлари, маълумлотлари синчковлик билан текшириларди, шундан кейингина маблағ йиғишга старт бериларди. 
Шу тариқа 2019 ва 2020 йилларда “Яхшилик бумеранги” волонтёрлари хайрия учун 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўплади. Улар нафақат моддий ёрдам беришмоқда, балки уйда ёлғиз қолган ва касалхонада даволанаётган беморларни ҳам бориб кўришмоқда, бошқа мамлакатларга кузатиб қўйишмоқда, айниқса оғир шароитларда яшаётган одамларга жисмоний ва моддий ёрдам қўлини чўзишмоқда.
Яқинда ушбу гуруҳ “5 tashabbus harakati” фестивалида финал иштирокчисига айланди. 
Таъкидлаш керак, “Ezgu amal” хайрия марафонида маблағ тўплаш ишларига, шунингдек,  "Умидни узма” ва "Najot qo’llari” волонтёрлар гуруҳлари ҳам қўшилган эди. 
                                                                                           
Хайрия мусобақаси 
15 июнь куни " Ezgu amal" жамоат фондига маблағ тўплаш учун хайрия футбол учрашуви ўтказилди. Мусобақа “Silverleafe” агрокластери ва бир қатор ҳамкор компаниялар билан биргаликда ташкил этилди.
Хайрия мусобақаси давомида 130 миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилди. Шу жумладан, юридик ва жисмоний шахслардан 103 915 000 сўм, таклифнома чипталарини сотиб олиш учун эквайнер тизими орқали 19 200 000 сўм.
Тадбирга таклифномалар учун йиғилган маблағлар, шунингдек, компаниялар ҳомийлиги саратонга чалинган болаларни даволашга, шу жумладан гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларнинг харажатларига сарфланди.
 
"Ezgu amal" хайрия онлайн марафонида иштирок этган, ҳаёт учун, соғлиқ учун ва бахтли болалик учун курашаётган болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаган барчага эзгулик, мурувват, саховат учун миннатдорлик билдирамиз. Яхшилик ерда қолмайди!
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати