Давлат ва Инвестиция дастурларининг Булунғурдаги ижроси ўрганилди
Жорий йилнинг 22 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси томонидан Булунғур туман Кенгаши депутатлари ва маҳалла раисларидан иборат кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида 2021 йил Давлат дастури (108-банди), “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳамда Инвестиция дастурида белгиланган вазифаларнинг тумандаги ижроси юзасидан жамоатчилик мониторинги ташкил қилинди.
Булунғур туманидаги Мингтепа ва Хўжамазгил маҳалла фуқаролар йиғинлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ободонлаштирилиши белгиланган. Хусусан, ушбу икки маҳаллада 18,9 км ички йўллар (шундан 6,7 км асфальт ва бетон, 12,2 км қум-шағал) таъмирланиши, 9,5 км ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизими яхшиланиши, 4,4 км электр узатиш тармоқлари ва 2 та трансформатор янгиланиши кўзда тутилган. Шунингдек, 4 км ирригация ва мелиорация объектлари яхшиланиши, 3 км узунликда пиёдалар йўлаклари қурилиши, Мингтепа МФЙдаги 32-сонли мактабнинг мавжуд биносини мукаммал таъмирлаш ва 120 ўринли қўшимча бино қуриш, Хўжамазгил МФЙдаги 41-сонли мактабни ҳам мукаммал таъмирлаш, 100 ўринли қўшимча бино ҳамда 9х18 ўлчамдаги спорт залини қуриш ҳам белгиланган. Бундан ташқари Мингтепа МФЙда янги маҳалла биносини қуриш ва мавжуд поликлиникани реконструкция қилиш ҳам дастурга киритилган.
Дастлаб мониторинг бошланган Мингтепа МФЙда (Бирлик қишлоғида) Дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилган:
- мавсум бошидан 1,9 км узунликдаги ички йўлларга қум-шағал ётқизилган;
- электр таъминоти бўйича 1 дона янги трансформатор ўрнатилган, 1 дона трансформатор капитал таъмирланган ва 30 дона бетон устун келтирилиб, улардан 6 таси ўрнатилган. 1,3 км узунликдаги электр тармоғи янгиланиб, 30 та тунги ёриткич чироқлари ўрнатилган;
- ичимлик суви бўйича мавсум бошидан 1 дона ичимлик суви минораси кайта таъмирланиб, 1800 метрдан зиёд траншея ковланган. 900 метр қувур ётқизилиб, ичимлик суви ўтказилган;
- туман газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан мавсум бошидан 33 та хонадонга янги газ баллонлари берилган, 2 та газ тақсимлаш қутиси таъмирланган, 2100 метр газ қувурлари сариқ рангга бўялган;
- Бирлик қишлоғининг Карвон кўчасида 830 метр пиёдалар йўлаги (тротуар) ётқизилган;
- 32-мактабга янги 120 ўринли қўшимча бино ва маҳалланинг янги биносини қуриш ишлари бошланган;
- ҳудуддаги поликлиникада реконструкция ишлари жадал олиб борилмоқда.
Муаммоли ҳолатлар:
- Дастур доирасида Мингтепа МФЙда 2 та автобекат қуриш назарда тутилган бўлса-да, бугунги кунгача қурилмаган. Ташаббускорлар томонидан тегишли ташкилотлардан рухсат олинган, лекин ҳозирга келиб туман ҳокимлиги томонидан бекат қуриш учун бошқа жой тавсия қилинган. Ҳокимият тавсия қилган жой эса ташаббускорларга маъқул эмас. Иш шу жараёнда тўхтаб турибди.
- Дастур бўйича 1,5 км узунликда пиёдалар йўлаги қурилиши лозим бўлган. Лекин бугунги кунда 830 метр узунликда бетондан пиёдалар йўлаги ётқизилган. Мазкур йўлак ҳам қинғир-қийшиқ ҳолатда. Унинг ҳолатига эътирозлар бор.
- Дастур доирасида 2,7 км асфальт ётқизилиши лозим бўлган Бирлик қишлоғининг 1-кўчаси қишлоқ аҳолисининг фикрича жуда ёмон ҳолатда эмас. Маҳалла раиси ва ҳудуддан туман Кенгашига сайланган депутатнинг фикрига кўра, йўлнинг баъзи жойларини (умуман олганда 500 метр қисми) таъмирлаб, қишлоқни айланиб келувчи тупроқ йўл асфальт қилиб берилса халқ учун фойдали бўлади.
Қўшни Тожикистон билан чегарада жойлашган Хўжамазгил МФЙнинг Фармонтепа қишлоғида Давлат дастури доирасидаги барча ишлар рисоладагидек олиб борилмоқда. Ҳозирда ҳудуддаги 41-мактабга 100 ўринли қўшимча бино ҳамда 9х18 ўлчамдаги спорт залининг қурилиши давом этмоқда. 2,7 км йўл асфальт қопламаси ётқизилишига тайёр ҳолга келтириб қўйилган. Пиёдалар йўлаклари қурилган, асосий йўлга тунги ёриткич чироқлари ўрнатилган.
Давлат дастурининг 108-бандига мувофиқ, республикада 2021 йилда 23 млрд доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда 226 та йирик саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириш белгиланган. Булунғур туманида Хитой, Испания ва Қозоғистон инвестициялари иштирокида 3 та катта лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Ушбу лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ўрганилганда маълум бўлдики, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўналишида “Samarkand Richland International Investment” МЧЖ Хитойнинг “Henan Richland Supply” компанияси инвестицияси иштирокида ишларни бошлаб юборган. Ушбу корхонага дастлаб туман ҳокимининг қарорига асосан, 2,6 гектар “чорвачилик кластери” ташкил этиш учун ер майдони 50 млн доллар инвестиция жалб қилиш мажбурияти билан ажратилган. Чорвачилик кластери ташкил этиш лойиҳаси истиқболсиз бўлганлиги учун ушбу корхонага ажратилган ер майдони 988,6 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига олинган. 22 гектар ер майдони “Ғишт ишлаб чиқариш цехи” ташкил этиш учун ажратилган. Корхона томонидан бугунги кунда пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа жойига бориб ўрганилганда, Инвестиция дастури бўйича лойиҳани ишга тушириш муддати шу йил 1 апрелга белгилангани, корхона томонидан 4 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилганлиги, қурилиш ишлари 30%га бажарилгани кузатилди. Асосий муаммо – Хитойда пандемия сабабли чораларнинг кучайтирилгани сабаб ускуналарни жойига йиғиб ўрнатувчи мутахассислар мамлакатдан чиқа олмаяпти. Жорий йилнинг август ойида ускуналарни ўрнатиш учун хорижий мутахасисслар келиши кутилмоқда. Ҳозирда 4,2 млн доллар қийматли асбоб-ускуналарни келтирган, лекин ҳали ўрнатилмаган. Шу сабабли лойиҳанинг ишга тушиш муддати кечикмоқда.
“SAMARKAND KZT ECO MILK COMPANY” МЧЖ иссиқхона ва чорвачилик агрокомплекси барпо этиш бўйича Қозоғистоннинг “МЕРЕКЕНУР” компанияси билан ҳамкорликни бошлаган. Туман ҳокимининг қарорига асосан 49,6 гектар ер майдони “илғор технологияли иссиқхона ва чорвачиликни ривожлантириш” мажбурияти билан ажратилган. Лойиҳа жойига бориб ўрганилганда, ишга тушиш муддати 2022 йил декабрга белгилангани, бугунги кунда қурилиш смета хужжатлари тайёрланаётгани аниқланди. Қозоғистон томони келиб уларга ажратилган 49,6 гектарлик ерни кўриб кетган. Мазкур лойиҳа доирасида 100 млн евро миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда Адлия вазирлиги ва Марказий банк билан боғлиқ жараёнлар кетмоқда.
Туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савда масалалари бўйича ўринбосарига кўра, форель балиқларини етиштириш бўйича “Булунғур Феникс Строй” МЧЖ ҳамда Испаниянинг “Nikami” компанияси ҳамкорлигидаги лойиҳа инвестор томонидан рад этилган.
Ўтказилган жамоатчилик мониторинги давомида аниқланган масалалар юзасидан туман ҳокимлиги, шунингдек, тегишлилиги бўйича вилоят ҳокимлиги ва Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига таҳлилий материал тайёрлаш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур форматда ташкил этилаётган жамоатчилик назорати тадбирлари кимнингдир камчилигини кўрсатиш ёки танқид қилиш эмас, балки қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва лозим даражада ижро этилишини таъминлашга кўмаклашиш учун барчанинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва ривожланиш жараёнларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси