@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат дастури ижроси: Қорақалпоғистонда 2818 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди

 2021-06-24 14:30:47   |     Просмотров: 1948

   Жорий йилнинг 23 июнь куни “Юксалиш” умуммилий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан 2021 йилги Давлат дастурининг ижроси юзасидан Қорақалпоғистонда олиб борилаётган ишларга бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ Кенгашлари депутатлари шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Бандлик ва меҳнат мунособатлари вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ҚҚР бошқармаси ходимлари, ННТлар, тадбиркорлар шунингдек, Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмаси аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
     Давлат дастурининг 12-бандида маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш ва 147-бандида ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, қайтиб келган меҳнат мигрантларини касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш кўламини кенгайтириш мақсадида маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари тармоғини кенгайтириш кўзда тутилган. Эшитувда мазкур бандлар ижроси бўйича масъуллар ахборот берди.
    Жумладан, маҳалла институти фаолиятини такомиллаштириш борасида маҳалла раисига маҳаллий Кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш, маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратиш бўйича ишлар амалга оширилаётгани айтилди.
Қорақалпоғистонда касб-ҳунар масканлари сонини 16 тага етказиш, бунда 8 та мавжуд масканга қўшимча равишда 8 та маҳаллада тикувчилик, ошпазлик-қандолатчилик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги, компьютер саводхонлиги, бухгалтерия ва тадбиркорлик асослари ҳамда бошқа мураккаб асбоб-ускуналар талаб этилмайдиган йўналишлар бўйича касбга ўқитиш масканларини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган.  
    Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида
39 та фуқаролар йиғинида касб-ҳунарга ўқитиш масканларини ташкил этиш белгиланган.
    Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари билан бир қаторда “Ишга марҳамат” мономарказлари, “Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари”да ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ишлари амалга оширилмоқда.
    Жорий йил давомида  2818 нафар  фуқаро (831 нафар  аёллар,  971 нафар  ёшлар, 1016 меҳнат мигрантлари) ўқув курсларда турли йўналишлар бўйича ўқитилган.
    Бундан ташқари, касб-ҳунар ва тадбиркорлик асослари бўйича 5600 нафар ёшлар ( 4378 нафар тадбиркорлик асослари, 1222 нафар касб-ҳунарга) ўқитилган.
    Ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, қайтиб келган меҳнат мигрантларини маҳалла даражасида касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш кўламини кенгайтириш юзасидан ишлар давом эттирилмоқда.

    “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий булинмаси