“Ezgu amal” хайрия марафони доирасида 230 миллионга яқин маблағ тўпланди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати “Ezgu amal” жамоат фонди ва Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси билан ҳамкорликда шу йилнинг 11 майидан 9 июнига қадар саратонни енгиб ўтган, касаллик билан курашаётган болалар шарафига “Ezgu amal” хайрия марафонини ўтказди. Жорий йилнинг 21 июнь куни унинг якунига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Марафондан кўзланган асосий мақсад — саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш. Бунга эришиш учун давлат идоралари, нодавлат тузилмалар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликнинг саъи-ҳаракатини бирлаштириш муҳимдир.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда мамлакатимизда 884 болада хавфли ўсма касаллиги, 402 болада гемотологик касалликлар бирламчи қайд этилган. 4 505 бола саратон, 2 396 бола қон касалликлари бўйича диспансер ҳисобида туради. Онкологик касалликлар структурасида болалар онкологияси 3,7 фоизни, лейкозлар 19,1 фоизни, бош мия ва орқа мия ўсмалари 17,5 фоизни, буйрак ўсмалари 7,6 фоизни, суяк, бўғим хавфли ўсмалари 5,6 фоизни ташкил этади.
Ўтган вақт давомида давлат томонидан кимё препаратлари учун 5,5 млн АҚШ долллари, қон касалликлари беморларини даволаш учун 23,8 млрд сўм маблағ ажратилди. Натижада дори-дармон билан таъминлашда маълум бир ютуқларга эришилди. Аммо касалликни тўлиқ енгишда бу маблағлар етарли эмаслигини вақт кўрсатмоқда. Демак, вазият онкологик касалликларга қарши курашиш фақатгина давлатнинг иши бўлиб қолмаслиги кераклигини, бунда жамиятнинг ҳам елкасида масъулият борлигини англатади. Жамоат ва халқаро ташкилотларни жалб этиш билан касалликни самарали енгиш мумкин.
Жорий йилнинг 27 май куни «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарорининг қабул қилиниши эса бу борада муҳим ҳодиса бўлди. Ҳужжат гематология ва онкология йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, мазкур соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, шифохоналарни замонавий диагностика лабораториялари ва тиббий техникалар билан жиҳозлаш мақсадларига қаратилган.
Жумладан, онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 млрд сўм ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилиши белгиланди.
"Эзгу амал" хайрия марафони турли форматдаги тадбирларни ўз ичига олди, жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, давра суҳбатлари, мутахассислар, маданият ва бизнес вакиллари билан учрашувлар, маҳорат дарслари, интервьюлар ва тақдимотлар. Хусусан, марафон "финиш"ида касалликни енгиб ўтган болалар таниқли хонандалар билан битта саҳнага чиқишди, биргаликда куйлашди.
Онлайн марафон доирасида бемор болаларга хайрия қилишни истаган инсонлардан 229 685 164 сўм келиб тушди. Шу жумладан, Payme, Paynet, Click, Apelsin тўлов тизимларидан 127 082 392 сўм, ezguamal.org веб-сайтида орқали 35 602 772 сўм, юридик шахслардан эса ҳисоб рақамига 67 000 000 сўм ўтказилган. "Ezgu amal" хайрия онлайн марафонида иштирок этган, ҳаёт учун, соғлиқ учун ва бахтли болалик учун курашаётган болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаган барчага эзгулик, мурувват, саховат учун миннатдорлик билдирамиз. Яхшилик ерда қолмайди!
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати