@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Журналист ва блогерлар мактаби” Урганч шаҳрида иш бошлади

 2021-05-20 14:31:01   |     Просмотров: 1978

"Юксалиш” умуммиллий ҳаракати республикамиз бўйлаб журналист ва блогерлар малакасини  оширишга кўмаклашишда давом этади. Навбатдаги — иккинчи медиа мактаб тренинглари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бошланди.

19—21 май кунлари ўтказиладиган тренингларда “Қизиқарли мультимедиа маҳсулотини яратиш ва уни ижтимоий тармоқларда оммалаштириш” мавзуси давом эттирилади. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида фаолият юритувчи журналист ва блогерлар иштирок этмоқда.

Маълумот учун: 17—19 март кунлари Фарғона шаҳрида “Журналист ва блогерлар мактаби”нинг жорий йилдаги биринчи тренинглари “Қизиқарли мультимедиа маҳсулотини яратиш ва уни ижтимоий тармоқларда оммалаштириш” мавзусида ўтказилган эди. Унда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида фаолият юритувчи 20 нафар журналист ва блогерлар иштирок этиб, малакаларини оширишди.

Уч кун мобайнида Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг тренерлари Саида Сулайманова ҳамда Эмиль Фахреев томонидан мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда аудитория учун қизиқарли контент яратиш, муаллифлик материалига кенг оммани жалб қилиш, SMM-фаолият ва унинг базавий тушунчалари, визуализация воситалари, ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиш, инфографикалар яратиш ва бошқа мавзуларда ҳам ўқув, ҳам амалий машғулотлар ўтилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, “Журналист ва блогерлар мактаби” лойиҳаси “Юксалиш” умумиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида ташкил этилмоқда.

Мақсад — ОАВ вакилларини қўллаб-қувватлаш, журналист ва блогерларнинг ижтимоий тармоқлар учун сифатли ва қизиқарли контент яратиш бўйича салоҳиятини оширишга, замонавий технологиялар, дастурий таъминот тўпламларидан фойдаланган ҳолда маълумотларни визуализация қилиш (инфографикалар тайёрлаш)га, материалларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш борасида билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашиш.
 

Медиа мактаб тренинглари давом этмоқда.

"Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати