@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик улуғланган юрт

 2021-04-15 15:44:17   |     Просмотров: 2080

Сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири — жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялашга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди.


Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги Фармонига мувофиқ тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам айнан бешинчи устувор вазифа сифатида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бaғрикенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.


Бағрикенглик қон-қонига сингиб кетган халқимиз азал-азалдан турли миллат вакиллари билан оға-ини, дўст-биродар бўлиб яшаган. Табиатан меҳр-оқибатли, саховатпеша халқимиз Иккинчи жаҳон урушида, шўролар замонида қатағону қувғинга учраган кўплаб миллат вакилларига ўз уйидан бошпана берди, оғир дамларда бир бурда нонини улар билан баҳам кўрди. Бу ўзбекона фазилатлардан баҳраманд бўлган корейс, немис, турк, поляк, юнон, қрим-татар ва бошқа миллатларга мансуб кишиларнинг кўпчилиги шу элда доимий қўним топди, халқимизга хос дўстона муносабатлар боис қаддини тиклади. Уларнинг зурриёдлари эса шу заминда туғилди, шу ерда таълим-тарбия олиб вояга етди, шу масканда оилали бўлди, обрў-эътибор қозонди. 


Миллатлараро тотувлик истиқлол йилларида янада мустаҳкамланди. Халқимизнинг минг йиллик анъаналари, азалий қадриятлари қаторида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик хислатлари янада яққолроқ намоён бўлди.
Бугун Қашқадарё вилоятда 3 миллион 334 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Уларнинг 232 минг нафардан ортиғини турли миллат ва элат  вакиллари ташкил этади. 


Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятда ҳам 30 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув, бирдамлик, ҳамжиҳатликда юрт равнақи, эл фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданият, урф-одат, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Барча миллат вакиллари давлат бошқаруви, иқтисодий-ижтимоий ҳамда маданий жараёнларда кенг ва эркин иштирок этмоқда.


Айни пайтда вилоятда 6 та, яъни рус, татар-бошқирд, туркман, тожик, араб миллий маданий марказлари ҳамда тожик марказининг Деҳқонобод тумани бўлими фаолият юритиб келмоқда. 


Мазкур маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мамлакатимизда кенг нишонланадиган “Наврўз”, “Мустақиллик”, байрамлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун каби муҳим саналарга бағишланган оммавий байрам тадбирларида “Сударушка”, “Ал-Арабия”, “Қуёш” каби миллий-маданий марказлар қошида ташкил этилган миллий-этнографик гуруҳлар фаол иштирок этмоқда. Уларнинг чиқишларида ҳам юртимизда миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ўз аксини топмоқда.


Ҳар бир миллатнинг тили унинг учун тенгсиз хазина. Айнан вилоятда миллат ва элатларнинг ўз тилларини асраши, ўрганиши учун алоҳида шароитлар яратилган. Хусусан, ҳозирги кунда вилоят бўйича 29 та мактабда дарс машғулотлари тожик тилида, 2 та мактабда эса рус тилида ўқувчиларга сабоқ берилмоқда. Шунингдек, 50 та мактабларда аралаш қардош тилларда 2 минг 500дан ортиқ малакали ўқитувчилар машғулотларни олиб бораётганлиги ҳам бу борадаги самарали фаолиятнинг яққол далилидир. 


Бугун вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўзбек тилида эркин сўзлаша олади, уларнинг миллий урф-одатлари ўзбек халқи томонидан алоҳида эътибор билан кузатилади, қаттиқ ҳурмат қилинади. 
Айниқса, миллий-маданий марказлар томонидан ўқув юртларида, маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувлар, суҳбатлар ва турли тадбирлар миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, “Қудратимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби шиорлар остидаги ўтаётган фестиваллар кўп миллатли воҳамиз аҳолининг чинакам дўстлик байрамига айланиб улгурган.

Даврон ШОДМОНОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари