@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Web-академия ва ННТлар мактаби — фаол фуқароларнинг ваколатларини ошириш ресурслари

 2021-02-09 12:25:00   |     Просмотров: 3413

9 февраль куни Тошкентда Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини оширишга мўлжалланган ресурслар — Web-академия ва ННТ мактаби — тақдимоти бўлиб ўтди. 


Дастурнинг Ўзбекистонда жорий этилиши республикадаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг касбий маҳоратини оширишда янги босқични бошлаб бергани таъкидланди. У ННТлар фаолиятини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш, ҳамкорликни ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқишга имкон беради. 


Хусусан, Ўзбекистонда ННТлар раҳбарлари ва ходимлари учун таълим ресурси бўлган Web-академия (http://www.studyorg.uz/) пайдо бўлди. Бу — келажак таълими деб  аталаётган масофавий таълим учун янги эшикларни очувчи бепул Интернет-ресурсидир. Унда ижтимоий соҳада ўз малакасини оширишни истаган ҳар бир фойдаланувчи ўзига қулай вақтда курслардан ўтиши ва тегишли сертификатни олиши мумкин. ННТ фаоллари ва оддий фуқаролар дастурни бошқариш, ҳисобот бериш тартиби, стратегик режалаштириш, янги лойиҳа ғояларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш тўғрисида маълумот олишлари мумкин. Бу жуда осон, содда ва инновацион шаклда бериладиган улкан билим қатламидир.


Ҳозирда http://www.studyorg.uz/ платформасида рус тилида 19 та, ўзбек тилида 10 та онлайн курслар мавжуд. 263 нафар фойдаланувчи, шу жумладан ННТ фаоллари ва ходимлари орасида 236 талаба, 20 та инструктор рўйхатдан ўтди.


Фаол фуқаролар салоҳиятини оширишнинг яна бир имконияти бу — ННТ мактабидир. Мактаб фаолияти ташкилий ривожлантириш, ижтимоий буюртма, тажриба ва илғор амалиётлар алмашиш учун майдон яратиш асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг салоҳият ва малакасини оширишга қаратилган. 


Жорий йилнинг 15 декабридан 19 декабрига қадар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 15 нафар ННТ ходимлари мактабнинг илк ўқув машғулотларини тамомлади. Улар  малакали тренерлар иштирокида давлат ижтимоий буюртмасини олиш учун ташкилий ривожланиш бўйича билим ва салоҳиятларини оширди. Хусусан, маъруза шаклидаги мини-сессиялар, амалий машғулотлар ва маҳорат дарсларида етакчилик ва стратегик бошқарув, дастурлар ва хизматлар сифатини бошқариш ва назорат қилиш, менежментни молиялаштириш ва барқарорлик ҳамда жамоатчилик ва коммуникациялар билан алоқалар жиҳатлари кўриб чиқилди.


Ташкилотчилар таъкидлашича, ННТлар вакиллари учун ўқув майдони яратиш ғояси Ўзбекистонда “Инновация учун ҳамкорлик” дастурини амалга ошириш мобайнида юзага келди. Унинг доирасида республиканинг турли вилоятларидаги 9 та ННТлар ташкилий ривожланишни такомиллаштириш бўйича сифатли тайёргарликдан ўтди, зарур ҳужжат, қоида ва амалиётларни ишлаб чиқди.


Дастурда иштирок этиш истагини билдириб, ариза топширган, бироқ танловдан ўтолмаган кўпгина ННТлар ва дастурда қатнашиб, ижобий ўзгаришларни кўрган бошқа ННТлар “Юксалиш” УМҲга ташкилий ривожланиш ва давлат ижтимоий буюртмасини олиш бўйича қўшимча ўқув тадбирларини ўтказишни сўраб мурожаат қилишмоқда.


Мазкур ННТларнинг мурожаатларига жавобан, шунингдек, уларнинг вакиллари салоҳиятини салмоқли равишда ошириш мақсадида “ННТлар мактаби”ни ҳудудларда очилаётган коворкинг-марказлар дастури доирасида ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинди. 


2021 йилда яна бир ҳудудий (Хоразм вилоятида), шунингдек, ННТларнинг ёзги ва қишки мактабларни ўтказиш режалаштирилган. Бу каби шаклдаги ўқув машғулотларини ташкил этиш сифатли таълим олиш, яқиндан танишиш, тажриба алмашиш ва ўзаро амалиёт ўташ, ННТлар учун долзарб бўлган муаммоларни муҳокама қилиши ва биргаликда ечим излаш имкониятини ҳам беради.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати