@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Халқаро мажбуриятларни бажариш: жамоатчилик назоратини ташкиллаштириш тартиби

 2021-02-08 18:49:39   |     Просмотров: 3003

Фуқаролик жамияти институтлари, давлат идоралари вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар,
халқаро мажбуриятларни бажаришда жамоатчилик назоратини ташкил этиш жиҳатларини муҳокама қилишди.

8 февраль куни Термиз шаҳрида Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали доирасида жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда ННТ ходимлари, давлат идоралари, халқаро ташкилотлар мутахассислари, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан фаол фуқаролар ҳамда хориждаги ватандошлар иштирок этди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, шу жумладан БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Қайд этиш керак, сўнгги 3-4 йилда Ўзбекистонда халқаро ва миллий ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари асосларини такомиллаштириш борасида катта ютуқларга эришилди. Хусусан, маъмурий, жиноий, жиноий процессуал ва жиноий ижро қонунчилиги такомиллаштирилмоқда ҳамда инсонпарварлик тамойилига тобора кўпроқ мослаштирилмоқда.

Экспертлар фикрича, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги жараёнлар ҳануз камчиликсиз эмас, лекин шу билан бирга идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштириш сезиларли даражада яхшиланмоқда. Муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва жамоатчиликнинг биргаликдаги фаолияти кўзга ташланади. Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан пахта етиштиришнинг барча босқичларида тизимли ва давомли равишда болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кузатилмади. 2019 йил йиғим-терим мавсумида 94 фоиз ёлланма ишчилар ихтиёрий равишда иштирок этди, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамшираларнинг дала ишларига жалб этилиши эса бутунлай тугатилди.

Мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва халқаро мажбуриятларни бажаришга содиқлиги Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам долзарблик касб этди. Буни бир қатор хорижий экспертлар ва сиёсатшунослар аввало, дунёда ва Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон тажрибасини, қисқа вақт ичида барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларни нисбатан оммалаштириш сифатида баҳоладилар. Ушбу ислоҳотлар тажрибаси Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари учун ҳам, дунёнинг бошқа давлатлари учун ҳам, шу жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасида ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда.

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида миллий мақсадларни рўёбга чиқариш, инсон тараққиёти бўйича юқори индексга эга бўлган (интеллектуал салоҳияти, саводхонлиги, инсоннинг ўртача умр кўриш давомийлиги) давлатлар даражасига эришишга, ижтимоий соҳага инновацияларни кенг жорий этишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинмоқда.

Очиқ ва конструктив мулоқот давомида халқаро мажбуриятларни бажаришда жамоатчилик назорати, самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмларидан кенг фойдаланиш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати