@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Иккинчи мулоқот: 2021 йил Давлат дастурига ватандошларимиздан таклифлар

 2020-12-23 15:57:04   |     Просмотров: 2299

Аввал хабар берилганидек, хориждаги ватандошлар билан яқин алоқа ўрнатиш, уларни Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорликда видеоконференцалоқа шаклида мулоқотлар ташкил этмоқда. Унинг доирасида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури ижроси ҳамда 2021 йил Давлат дастури учун таклифлар муҳокама қилинмоқда. Ана шундай онлайн мулоқотларнинг яна бири жорий йилнинг 18 декабрь куни ўтказилди.  


Мулоқот давомида Германия, АҚШ, Франция, Литва, Исроилда яшаб, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз томонидан илмий-тадқиқот фаолияти, маҳаллий бошқарув органларининг иш самарадорлиги, ногиронлиги бор шахсларга ижтимоий кўмак кўрсатиш тизими, халқаро алоқалар, инвестициялар ва яна қатор масалалар бўйича таклифлар билдирилди. 


Жумладан, Германиянинг Лейбниц қишлоқ хўжалиги ландшафтларини ўрганиш илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Дилфуза Эгамбердиева Ўзбекистонда илмий фондлар ташкил этиш, улар сонини кўпайтириш таклифини берди. Бунда фондлар барча илмий лойиҳаларни эмас, балки йўналишлар бўйича (ижтимоий-гуманитар, техника ва ҳакозо) лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилади. Яъни ҳар бир фонд ўз мақсадига эга бўлади ва бунда кўпроқ самарага эришилади. Бу — Германия тажрибаси. 
Шунингдек, ватандошимизнинг фикрича, илмий-тадқиқот фаолиятига бюджет маблағлари ажратилишини камайтириб, бунга компанияларни жалб қилиш керак. Шунда тадқиқотчилар орасида рақобат шаклланади, илмий ишлар сифати ошади. Ҳамда олий таълим муассасалари билан илмий текшириш институтлари ҳамкорлигини кучайтириш лозим. Фан номзоди, фан доктори илмий даражаларини олувчилар сонини эмас, балки сифатини оширишга эътибор қаратиш, кадрнинг илмий даражасига қараб эмас, салоҳиятга қараб маош тўланиши муҳим.  


АҚШнинг «Wells Fargo Bank» маслаҳатчиси, «Эл-юрт умиди» жамғармаси халқаро экспертлар кенгаши аъзоси Аробиддин Тўра маҳаллий бошқарув органларининг иш самарадорлигига эришиш учун KPI (Key Performance Indicators) тизими — Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичини жорий этиш вақти келганини таъкидлади. Бунда вилоят ҳокимларининг иш самарадорлигини ўлчашда улар бошқараётган ҳудудда таълим, уй-жой таъминоти, турмуш фаровонлиги, инвестициялар киритилиши, жиноят, ишсизлик, саломатлик, экология каби кўрсаткичлар инобатга олинади.


АҚШнинг Сиракуз университети докторанти, «Эл-юрт умиди» жамғармаси халқаро экспертлар кенгаши аъзоси Миржаҳон Турдиев эса ногиронлиги бор шахсларга ижтимоий кўмак кўрсатиш тизимини ўзгартириш бўйича ўз таклифини билдирди. Унингча,  ногиронлиги бор шахсларга ижтимоий кўмак кўрсатишда ваучер тизими қулай ва адолатли. Масалан, ҳозирда ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва бошқа ёрдамлар берилишида монополлик, коррупцион ҳолатлар учрайди. Ваучер тизимида ногиронлиги бўлган шахслар ўзларига керакли буюмларни танлаш имконига эга бўлади, бир сўз билан, уларга эркинлик берилади. Қолаверса, бу жараёнда рақобат бозори шаклланади.


М.Турдиев, шунингдек,  халқаро алоқалар билан боғлиқ яна бир таклифни берди. Унда республиканинг маълум бир шаҳри (тумани) билан хориж давлатининг маълум бир шаҳри ўртасида “Sister city” (город-побратим) алоқаларини ўрнатиш муҳимлиги айтилади. Масалан, Қарши шаҳри ва Сиракузи шаҳри ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мумкин. Бунда муносабатлар кенг қамровли бўлади, шаҳарлар ўзларида бор имкониятлар билан ўзаро алмашинади, бир-биридан ўрганади. “Кўпинча ривожланаётган давлатлар ривожланган давлатларнинг босиб ўтган йўлига қараб иш тутишади. Лекин замонавий ёндашувлар четда қолади. Шаҳарлараро алоқалар эса ривожланган давлатлар хатоларини қайтаришнинг олдини олади”, - дейди у.     
Онлайн мулоқотнинг яна бир иштирокчиси – ватандошимиз Шерзод Зуфаров, у ҳозирда Франциянинг «Société Générale» банкининг хусусий секторига сармоя киритиш фондининг вице-президенти, “Ўзбекистон билан бирдамлик” ҳалқаро гуманитар лойиҳаси асосчиси. У ўз нутқида Ўзбекистонда инвестицияни жалб қилишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб, бу йўналишда нафақат чет эл инвесторларга, балки маҳаллий сармоядорларга ҳам йўл очиш кераклигини, бунда маҳаллий инвестиция фондларини ташкил қилиш таклифини берди. Ушбу фондларда тўпланган маблағлар хусусий секторга йўналтирилади, яъни фуқаролар ўз маблағлари билан ўз юртига инвестиция киритади ва фойдасини ҳам ўзи олади. “Одамларни сармоя маданиятига ўргатиш керак, шунда улар даромадларини “кўрпанинг тагида” эмас, сармояга киритади”, - дейди у.


«Vatandosh Connect» Ўзбекистон-Америка нодавлат ташкилоти раиси Улуғбек Қосимов Ўзбекистонда илмий-тадқиқот кластериларини ташкил қилиш, бу орқали дунё илм майдонига дадил кириб бориш имкониятлари ҳақида сўзлади. 


30 йилдан буён Литвада истиқомат қилаётган яна бир ватандошимиз Лейла Урманова айни вақтда Ўзбек маданий марказига раҳбарлик қилади. Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаб, ушбу соҳадаги фаолиятини хорижда ҳам давом эттирмоқда. Шу билан бирга, ўзбек миллий маданияти, мусиқасини хорижда тарғиб қилиш, яқиндан таништириш ишларида фаоллик кўрсатмоқда. Унинг айтишича, Марказда ўзбекистонлик мусиқачилар иштирокида конференциялар ўтказиб келинади. У икки халқнинг маданий алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янада кенгайтириш мақсадлари билан ўртоқлашди.


Ватандошлар онлайн мулоқот сўнггида Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотларга бефарқ эмасликларини, мамлакат ривожи учун билим, тажрибалари билан ҳисса қўшишга тайёрликларини ва бу каби мулоқотларни келгусида соҳалар бўйича, мутасаддиларни жалб қилган ҳолда давом эттиришга келишиб олдилар.  


Эслатиб ўтамиз, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳудудларни ривожлантириш бўйича фикр ва таклифларини инобатга олиш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида махсус «Jamoatchilik» онлайн-платформаси ишга туширилди. Шу йилнинг ноябрь ойи бошида платформа орқали 2021 йил Давлат дастурига таклифлар қабул қилиш бошланди. Бугунга келиб ушбу платформада қолдирилган таклифлар сони 2 000 дан ошди. Таклифларни қабул қилиш жараёни давом этмоқда. 

 «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати