“Юксалиш” ҳаракати Бош прокуратура Академияси билан ҳамкорлик қилади
2020 йил 19 ноябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Учрашув давомида томонлар — “Юксалиш” УМҲ раиси Бобур Бекмуродов ҳамда Бош прокуратура Академияси бошлиғи Евгений Коленко ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб, давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишига кўмаклашишга йўналтирилган самарали ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлаш, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Меморандум доирасида томонлар ўз ваколатлари доирасида ҳамкорликда қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширадилар:
- қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупция ва жиноятчиликнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини амалга ошириш;
- республикамиз учун долзарб бўлган илмий муаммоларни шакллантириш ва улар асосида давлат илмий дастурлари доирасида илмий-амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- томонларнинг ходимлар ҳамда экспертлар салоҳияти интеграцияси асосида қўшма илмий ва таҳлилий тадқиқотларни ташкил этиш ва амалга ошириш;
- ўтказилган таҳлиллар ва илмий тадқиқотлар натижалари асосида ҳамкорликда ўқув, услубий, илмий ва таҳлилий материалларни ишлаб чиқиш ва чоп этиш;
- ўзаро манфаатли ва долзарб йўналишлар бўйича ҳамкорликда илмий-амалий конференция, семинар (вебинар), давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.
Томонлар мазкур Меморандумда назарда тутилган вазифалар ижроси доирасида ўзаро ахборот алмашадилар, ҳамкорлик масалалари бўйича ишчи учрашувлар ўтказадилар ҳамда зарур маслаҳатлашувларни амалга оширадилар.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати