@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Салом, Сардоба, биз биргамиз!”: яна 75 оилага моддий ёрдам кўрсатилди

 2020-09-28 09:11:16   |     Просмотров: 3195

Жорий йилнинг 24-25 сентябрь куни “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акциясининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Акция доирасида Сирдарё вилоятида юз берган тошқиндан жабр кўрган оилаларга моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ногиронлиги бор болаларга компьютер тақдим этилди.


Ташкилотчилар томонидан Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида 33 нафар муҳтож фуқароларга 3 миллион сўмдан ҳамда уйда таълим оладиган ногирон фарзандлари бор 42 нафар фуқарога 2 миллион сўмдан, жами 75 кишига 183 миллион сўм моддий ёрдам (пластик карталарда) ва яна 3 нафар имконияти чекланган мактаб ўқувчисига компьютер жамланмаси етказилди.   


Шу билан бирга, тошқин туфайли бошпанасиз қолган ва айни вақтда Оқолтин туманидаги коллеж биносида яшаётган сардобаликларга 84 та, Сардоба туманида “темир дафтар”га киритилган фуқароларга 235 та, қиймати 22 млн 329 минг сўмлик 9 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами тақдим этилди. 


Таъкидлаш керак, Адлия вазирлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Президент Халқ қабулхонаси кўмагида ташкил этилган “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси давомида мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар, уларнинг ногиронлиги бор болалари қўллаб-қувватланди ва кўмак кўрсатилди. Акция эълон қилинган кундан бошлаб сахий инсонлар, тадбиркорлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари Тошкент шаҳрида ташкил этилган қабул пунктига озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, идиш-товоқ, болалар ўйинчоқлари ва бошқа кундалик зарурий буюмларни келтиришди. Барча буюмлар тўпланиб, қарийб 20 та юк машинасида Сирдарё вилоятига инсонпарварлик ёрдами сифатида жўнатилди. 


17 июль куни вилоятнинг зиён кўрган туманларида яшовчи 34 нафар фуқарога 156 млн сўм (24 нафарига 5 миллион сўм,  12 нафарга 3 миллион сўм маблағи бўлган пластик карталар), шунингдек, 90 дан зиёд оилага мебеллар жамланмаси, 6 кишига ногиронлик аравачалари топширилди.  


8—10 сентябрь кунлари уйда таълим олувчи 47 нафар ногирон болаларга компьютер жамланмаси, яна 10 нафарига ўқув мебели, 2 нафарига ногиронлик аравачаси берилди. Шунингдек, эҳтиёжмандларга велосипед, рассомчилик тўплами, спорт тренажери, электропечка, эшитиш мосламаси каби буюмлар ҳам тақдим этилди.


Бундан ташқари, Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги  3 та мактаб кутубхонасига ўзбек ва жаҳон адабиётларидан иборат 2 928 та китоблар тўплами сотиб олинди ва тақдим этилди. Китобларга жами 40 миллион сўм сарфланди.
Ушбу хайрия акцияси қийин вазиятга тушиб қолган сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзди. Пандемияга қарамай, халқимизни бирлаштирди. 
 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Адлия вазирлиги ушбу жараёнларга бефарқ бўлмаган барча инсонларга, ташкилотларга яна бир бор миннатдорлик билдиради!  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати