@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

#MenUchunQadrli: флешмоб-танловнинг ғолиблари тақдирланди

 2020-09-11 17:22:10   |     Просмотров: 3619

11 сентябрь куни Тошкентда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан эълон қилинган #MenUchunQadrli флешмоб-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Танловдан мақсад — байрам арафасида бир-биримизни табриклаш, атрофдагиларга яхши кайфият улашиш ҳамда Ватанимиз қанчалик азиз ва у билан боғлиқ лаҳзаларимиз қадрли эканини билдириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатликни кўрсатиш эди.
Ушбу флешмоб-танловда ёшидан, фаолият туридан қатъи назар барча юртдошларимиз ҳамда хориждаги ватандошларимиз иштирок этишлари мумкин бўлди. Улар шу йилнинг 28 августига қадар ижтимоий тармоқ (Facebook, Instagram)лардаги ўз саҳифаларига Ўзбекистон билан боғлиқ энг қадрли хотиралари, таассуротлари акс этган сурат ёки видеоларни жойлаштиришлари ва уларга #MenUchunQadrli, #Ценю хештегларидан фойдаланиб ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатини белгилаб, қисқа изоҳ-таъриф ёзишлари керак эди.


Бир ҳафтага яқин вақт мобайнида танлов иштирокчилари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига 500 га яқин сурат ва видеоларни жойлаштирди. 28 август куни жамоатчилик вакиллари, халқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат танлов Комиссияси 20 та қизиқарли ва ноодатий бўлган ишларни танлаб олди. Ғолиблар танловнинг навбатдаги босқичи — Ҳаракатнинг Telegram-каналида овоз бериш йўли орқали аниқланди. Овоз бериш жараёни 1 сентябрь куни якунланди.

Натижаларга кўра, қуйидагилар ғолибликни қўлга киритди:
1-ўрин — Мафтуна Сафоева, Пешку тумани (Бухоро вилояти);
2-ўрин — Гайратдин Сайтеков, Нукус шаҳри (Қорақалпоғистон Республикаси);
3-ўрин — Эмиль Камалдинов, Янгийўл шаҳри (Тошкент вилояти). 

Ғолиблар ноутбук, планшет ва смартфон ҳамда диплом билан тақдирланди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Мустақиллик байрамини кенг нишонлашга ўз ҳиссасини қўшган флешмоб-танловнинг барча иштирокчиларига миннатдорлик билдиради. 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати