@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Мьюша СЕВЕР: Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз халқига кенг қамровли ва алоҳида муносабати яхши таассурот қолдиради

 2020-07-24 08:08:24   |     Просмотров: 4861

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги йиллардаги ташаббусларини одамлар илиқ қабул қилаётганини қайд этишни истардим. Бу ташаббусларнинг баъзилари, агар тўғри амалга оширилса, шубҳасиз инқилобий ва тарихий қадам бўлади.


Ўзбекистонда иқтидорли ва беназир аёллар бор, мен уларнинг қарорлар қабул қилинишида нега иштирок этмасликларини тушунолмас эдим. Шунинг учун мени мамлакатда гендер тенглигининг (ҳам юридик қадамлар, ҳам янги тайинловлар) расман жорий этилиши қувонтирди. Диққатга сазовор жиҳати, Сенат Раислигига аёл киши тайинланди, у моҳиятан давлатнинг сиёсий  бошқарувидаги иккинчи шахсдир. Энди Ўзбекистонда аёл элчи, аёл ректор, аёл вазир ҳам бор. Шунингдек, прокурор ўринбосари, ҳоким ўринбосарлари лавозимларига ҳам аёллар тайинланди. Ёш аёлларнинг таълим олиши ва банд бўлишида тенг имконият тақдим этилиши кўплаб оилалар ҳаётида катта ижобий ўзгаришларга олиб келади.
Ҳар қандай мамлакатнинг реал имкониятларини у ерда заиф қатламга яратилган шароитлар орқали тушунишга ҳаракат қиладиган инсон сифатида мен Президентнинг ҳудудлардаги аҳоли, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий қийин шароитларда яшайдиган одамлар билан муносабати мени ҳайратлантирди. Шавкат Мирзиёев жамиятда нотенгликни йўқотиш учун барча имкониятларни ишга солиниши учун учала ҳукумат тармоқларини бир маромда ушлайди. Шу нуқтаи назардан давлат раҳбарининг ҳуқуқбонлар, ногиронлиги бор, кексалар, эҳтиёжманд фуқароларга нисбатан кенг қамровли инсонийлик муносабати яхши таассурот қолдиради. 


Ўз касбий йўналишим ва жамоам фаолиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон учун энг муҳим қадамлардан бири Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилиши бўлди, деб ҳисоблайман. Бу мамлакат келажаги учун жуда катта самара беради. Айниқса, Агентликка ёш авлод сиёсатчиларидан раҳбар  тайинлаш Ўзбекистон келажагини ҳозирги ёшлар ҳал қилишига аниқ ишорадир. Зеро, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини айнан ёшлар ташкил этади. Келажак — уларнинг эртанги ҳаёти ва бугун қарор қабул қилаётганларнинг жавобгарлиги шундаки, халқ ўзи эга бўлган имкониятлари билан тўла яшашига ҳалақит қилган кўплаб бюрократик тўсиқлардан халос бўлади.


Навбатдаги яна бир муҳим жиҳат  бу – Президентнинг сўз эркинлигига, танқидий фикрлашга алоҳида эътибор қаратишидир. Бу сўзсиз, ўтган ўнйилликларда шаклланиб қолган анъана ва қолипларни синдиришга хизмат қилади. Одамлар давлат ва унинг мансабдорлари олдидаги қўрқувдан қутулишлари, ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлашлари керак. Бу ҳар қандай тараққиётнинг талабидир, яъни хилма-хиллик доирасида бир хилликни қуриш. Уларни эса янада кучли бўлиш, дадил ва хатоларни қўрқмаслик истакларини кенгайтириш зарур, чунки Альберт Эйнштейн айтганидек, хатолар янги кашфиётлар сари ҳал қилувчи қадамдир. 


Халқаро муносабатлар нуқтаи назардан Марказий Осиёда янги ҳудудий ҳамкорлик бўйича оламшумул ишлар бажарилди. Шахсан мен Президент ва унинг экспертлари жамоаси қўшни давлат Афғонистон ва унинг халқи билан тинчлик ўрнатиш йўлида қилинган саъй-ҳаракатлар учун миннатдорман. Тарихий баҳсларни ҳал этиш бўйича қилинган ушбу ҳаракатлар биринчи марта кўп сонли одамлар – Ўзбекистон қўшнилари, шу жумладан ушбу мамлакатдаги ўзбек этник вакилларига азоб-уқубатларни тўхтатиш умидини берди. Мен у ерда ишлаганман, уларнинг кўпи билан учрашганман ва биламанки, улар ҳар доим Ўзбекистонга илиқ туйғулар ва умидлар билан қараб келишган. 


Якунда яна бир муҳим жиҳатга тўхталмоқчиман. Президент ва унинг жамоаси репатриантлар, яъни йўлдан адашиб, хорижда қийин вазиятларга тушиб қолган кўплаб Ўзбекистон фуқароларини қайтармоқда. Улар орасида Суриянинг уруш ўчоқларидан олиб келинган аёллар ва болалар бор, пандемия даврида Россия, Қозоғистон, Миср, БАА, Европа ва ҳатто АҚШдан фуқаролар олиб келинди. Бу давлатнинг фуқаролари олдидаги улкан жасорат ва масъулиятини намоён этади. Бугун улар ўзларини мағрурона Ўзбекистон фуқаросиман дейди ва улар мен деярли йигирма йил олдин илк бор гаплашган одамлар эмас... Фақат ҳақиқий Ватангина инсон иложсиз, берк кўчага кириб қолганида унга ёрдам қўлини чўзади ва таскин беради. Бунинг учун чиндан ҳам буюк миллий масъулият туйғуси талаб этилади ва буни чин қалбдан тушунган раҳбаргина, жуда қийин бўлса-да, юқори мақсадларга эришиш йўлида ҳамма имкониятларини ишга солади.  
Мьюша СЕВЕР,


 «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти директори