“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида 30 оилага моддий ёрдам кўрсатилди, 90дан зиёд оилага мебель жиҳозлари топширилди
Жорий йилнинг 17 июль куни “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси ташкилотчилари Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида яшовчи аҳолига моддий ёрдам, мебеллар жамланмаси ва ногиронлик аравачаларини топширди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойи бошида “Сардоба” сув омборида юз берган техноген фожиа натижасида талофат кўрганларга кўмак кўрсатиш мақсадида “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси старт олган эди. Акция Адлия вазирлиги ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Президент Халқ қабулхонаси кўмагида амалга оширилмоқда.
Хайрия акцияси ўзбекистонликларнинг нақадар бағри кенг, мурувватли эканини яна бир бор исботлади — халқимиз пандемия шароитидаги қийин вазиятга қарамай сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзди. Акция эълон қилинган кундан ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳридаги қабул пунктига сахий фуқаролар, тадбиркорлар, жамоат ва халқаро ташкилотлар томонидан катта миқдорда кундалик зарурий маҳсулотлар, шу жумладан озиқ-овқат, гигиена воситалари, кийим-кечаклар, кўрпа-тўшаклар, дорилар, тиббий буюмлар, шунингдек, идишлар, болалар ўйинчоқлари ва бошқалар топширилди.
Жараёндан тадбиркорлик субъектлари ҳам четда қолмади. Масалан, “BEVERLee Business” МЧЖ вакиллари 1 750 дан зиёд кишига мўлжалланган нарса ва буюмлар, “TONY Uzbekistan” тўқимачилик корхонаси 1 000 та футболка, Ўзбекистон мебель ва ёғочни қайта ишлаш саноати Ассоциацияси хонадон учун мебель жиҳозлари, “S.Y.R Forwarders Ltd” транспорт компанияси 5,2 млн сўмлик гигиена воситаларини келтирди.
Ушбу акцияни қатор ташкилотлар, хусусан, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма, Шодиев халқаро фонди, KOICA агентлиги, “KRKA” (Словения) халқаро фармацевтик компанияси, “Эзгу мақсад” хайрия жамғармаси, OU7 жамғармаси, Ўзбек-турк тадбиркорлари ассоциацияси, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамғармаси, спорт федерациялари ва бошқалар қўллаб-қувватлади.
“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси доирасида Сирдарё вилоятининг тошқиндан зиён кўрган туманларига инсонпарварлик ёрдами ортилган жами 20 та юк машинаси, шу жумладан иккитаси Бухоро вилоятидан, биттаси Самарқанд ва яна биттаси Навоий вилоятларидан жўнатилди.
Бундан ташқари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан очилган махсус ҳисоб рақамига ўтган вақт ичида саховатли инсонлардан 560 млн сўм маблағ келиб тушди.
Пул маблағлари қуйидагича тақсимланди:
- Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларини ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи “CNH INDUSTRIAL NV” компаниялар гуруҳи (210 млн сўм);
- “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти (100 млн сўм);
- Адлия вазирлиги қошидаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти (13 млн сўмдан зиёд);
- “Ref Tech Service” МЧЖ (10 млн сўм);
- “Silk road forever” МЧЖ (10 млн сўм);
- “CHILON LUBRICANTS” МЧЖ ҚК (5,8 млн сўм);
- Косонсой тумани аҳолиси (5,2 млн сўм);
- Фанлар Академияси Сейсмология институти (5 млн сўм);
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ходимлари (5 млн сўм);
- “Avaz Agro xosil” фермер хўжалиги (5 млн сўм);
- Намангандаги 58-сонли мактаб жамоаси (2,4 млн сўм).
Тўпланган пул маблағлари харажатларининг шаффофлигини таъминлаш учун махсус комиссия тузилди. Унинг таркибига ташкилотчилар билан бирга Сирдарё вилоятидаги Президент Халқ қабулхонаси, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ОАВ ҳамда фаол фуқаролар вакиллари киритилди. Улар техноген офатдан зиён кўрган оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни белгилаб олишди.
Акция ташаббускорлари комиссия аъзолари билан ҳамкорликда ҳодиса жойига борди, вазиятни ўрганди, Сардоба, Оқолтин ва Мирзарбод туманларидаги бир неча маҳаллалар аҳолиси билан учрашди. Фуқаролар билан учрашувлар натижасида 100 дан ортиқ эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди. Улардан энг муҳтожлари саралаб олинди. Айрим оилаларда ногиронлиги бор шахслар ёки сурункали касалликлар билан оғрийдиганлари мавжуд, баъзилари уй олмоқчи ёки тошқинда мулкидан айрилган. Яна айримларининг оила боқувчиси йўқ, фарзандларининг институтда ўқиши учун контракт тўловини тўлашга ёрдам сўраган.
17 июль куни Сирдарё вилоятига қилинган ташриф давомида 24 нафар фуқарога 5 млн сўм маблағи бўлган пластик карталар топширилди. Уларнинг аксар қисми фожиадан аввал уй олган, аммо тошқин вақтида мулкларига зиён етган, баъзилари — ногиронлиги бор шахслар боқувчиси бўлмаса ҳам вояга етмаган фарзандларини тарбияламоқда. Яна 12 нафар фуқарога 3 млн сўм маблағи бўлган пластик карталар топширилди. Уларнинг хонадонлари тошқинда вайрон бўлган, давлат томонидан уйларини тиклаб олишлари учун 40 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. Қийин аҳволга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, қарамоғида ногирон болалари бўлган оилалар моддий ёрдам сўраган. Олти кишига ногиронлик аравачалари берилди. 90 дан зиёд оилага Ўзбекистон мебель ва ёғочни қайта ишлаш саноати Ассоциацияси аъзолари ва бошқа ҳомийлар томонидан мебеллар жамланмаси топширилди.
Қолаверса, тўпланган маблағлар эвазига умумтаълим мактаблари кутубхоналарини керакли китоблар ва дарсликлар билан таъминлаш, шунингдек, давлат мактабгача таълим муассасалари биноларини таъмирлаш режалаштирилган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Адлия вазирлиги ушбу жараёнга бефарқ бўлмаган барча фуқаролар ва ташкилотларга миннатдорлик билдиради.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати