@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига хориждаги ватандошларимизни кенг жалб қилишни кўзламоқда

 2020-07-03 18:34:16   |     Просмотров: 3202

Жорий йилнинг 3 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.

Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар даврида юртдошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар, хорижда истиқомат қилиб, малакали фаолият билан шуғулланаётган ватандошларимиз билан яқин ҳамкорлик қилишга эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Хориждаги ватандошларимиз билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, уларни республикамиздаги кенг кўламли ислоҳотларга жалб қилиш “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг йўналишларидан бири ҳисобланади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликни ривожлантириш эса ушбу йўналишдаги ишларни янада чуқурлаштиришга имкон яратади.

Жамғарма реестрида 5 мингдан зиёд хорижий ОТМлар битирувчилари бўлган ватандошларимиз рўйхатдан ўтказилган, улар йирик илмий-тадқиқот, тиббиёт, таълим, молия ва бошқа ташкилотларда меҳнат фаолиятини олиб боришмоқда. Бундан ташқари, 25 июнь куни мамлакатимиз илм-фанини ривожлантиришда ёрдам беришга тайёр бўлган дунёнинг турли нуқталаридаги ўзбекистонлик олимлар ўз саҳифаларини тўлдириш, Ўзбекистондаги ОТМлар ва тадқиқот марказлари, олимлар кенгаши билан ҳамкорлик қилишлари мумкин бўлган очиқ платформа ишга туширилди.

Меморандум доирасида томонлар ўз ваколатларидан келиб чиқиб, қуйидаги йўналишлар бўйича алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик қилишга келишиб олди:

  • хорижда таълим олган ватандошларни иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
  • республикада ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга, хусусан хорижий давлатларда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшларга кенг тушунтириш;
  • ватандошларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материалларини журналлар, илмий тўпламларда нашр этиш ва кенг тарқатиш;
  • таълим, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш;
  • ҳаракатлар стратегияси йўналишларидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик фикрини, шу жумладан ёшларнинг бу соҳадаги ижтимоий кайфиятини турли социологик тадқиқотлар ўтказиш орқали ўрганиш;
  • ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва бошқалар.

Меморандум билан бирга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида 2020-2021 йилларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режаси ҳам имзоланди.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати