“Юксалиш” ҳаракати вакиллари Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш колонияларида бўлишди
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) томонидан жазони ижро этиш колонияларида ташкил этилган мониторинг тадбирларида иштирок этди.
Хусусан, куни кеча Тошкент вилоятида жойлашган 7-сон ва 13-сон жазони ижро этиш колонияларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ташриф буюрди.
Ўтказилган мониторинг давомида маҳкумларнинг яшаш ва овқатланиш, шунингдек, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш шароитлари, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ҳолатлари ўрганилди.
Мониторинг гуруҳи аъзолари томонидан жазони ижро этиш колонияларида сақланаётган шахслар билан жамоавий учрашувлар ўтказилди. Хусусан, колонна билан пиёда ҳаракатланиш давомида, умумий овқатланиш жараёнида ҳамда меҳнат фаолияти пайтида эътирозлар ўрганилди. Шунингдек, якка тартибдаги суҳбатлар ҳам ташкил этилди.
Ўрганишлар натижасида, аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан жазони ижро этиш колониялари раҳбариятига зарурий тавсиялар берилди. Шунингдек, алоҳида мурожаатчилар томонидан билдирилган эътирозлар ҳам кўриб чиқилди.
Жумладан, 13-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Т.Б. томонидан у фойдаланиб келаётган ногиронлар аравачаси яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги сабабли уни янгилашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Мазкур мурожаатнинг мақсадга мувофиқлиги ўрганиб чиқилиб, 2020 йил 27 май куни Омбудсман ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси вакили томонидан маҳкум Т.Б.га ногиронлар аравачаси топширилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан 13-сон жазони ижро этиш колониясида Марказий Осиёда гиёҳвандлик моддаларининг тарқалишини олдини олиш Дастури доирасида ташкил этилган, гиёҳвандликдан азият чекаётган маҳкумларни даволашга мўлжалланган “Атлантис” реабилитация маркази фаолияти ҳам ўрганилди.
Маълумот учун: Марказ 2010 йилда ташкил этилиб, унинг фаолияти Европа Иттифоқи ва БМТнинг Тараққиёт Дастури асосида молиялаштирилиб келинмоқда. Бу ерда гиёҳвандликка чалинган шахслар дори-дармон воситалари ишлатмасдан, Миннесота дастури бўйича ишлаб чиқилган “Атлантисга 12 қадам” психотерапевтика методикаси бўйича даволанади.
Жазони ўташ муассасалари ва ҳибсхоналарда ташкил этилаётган бу каби мониторинглар келгусида ҳам давом эттирилади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати