@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ҳаракатлар ва мажбуриятлар ўн йиллигига старт берилди

 2020-03-03 09:24:45   |     Просмотров: 3721

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юртимиздаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Ҳаракатлар ва мажбуриятлар ўн йиллигига старт берилди.

Жорий йилнинг 2 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Ҳаракатлар ва мажбуриятларни амалга оширишга киришилгани расман эълон қилинди.

Тадбир БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Олий Мажлис Сенати ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилди. Эътиборлиси, ҳаракатлар ўн йиллигига расман бугун старт берилиши бежиз эмас. 1992 йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланган. Мазкур тадбирнинг мақсади 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича улкан ҳаракатларни бошлаш ҳисобланади.

2015 йил 25 сентябрь куни БМТга аъзо давлатлар 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш соҳасидаги Кун тартибини қабул қилдилар.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрь ойида БМТнинг Барқарор ривожланиш саммитида қабул қилинган 70-сонли резолюциясига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 20 октябрь куни 2030 йилга қадар БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та Миллий мақсадлар ва унга боғлиқ 2030 йилгача бўлган давр учун 127 та вазифалар тасдиқланди.

Дастурни амалга оширишга бағишланган тантанали тадбирда БМТ миссияларининг раҳбарлари, шу қаторда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари, шунингдек, жамоатчилик, ёшлар, фуқаролик жамияти ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда ёшлар вакиллари ҳам фаол қатнашиб, очликка барҳам бериш, гендер тенглиги, соғлом турмуш тарзи ва яна бошқа қатор мақсадларга эришиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот бердилар. Бундан ташқари, маърузачилар меҳмонларни 2030 йил сўнггига қадар барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фаол ҳаракатларни амалга оширишга чорладилар.

Барқарор ривожланиш мақсадлари — камбағал, бой ва ривожланаётган давлатларнинг амалий ҳаракатларни бажаришга бўлган чорловидир. Улар сайёрамизнинг фаровонлиги ва ҳимоясини янада яхшилашга қаратилган. Дунё мамлакатлари қашшоқликни тугатиш чоралари иқтисодий ўсишни кучайтириш ва таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик, шунингдек, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги бир қатор муаммоларни ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни биргаликда қабул қилиниши зарурлигини тан олмоқдалар.

Ўз навбатида, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун ўн йил қолди! Ҳаракатлар ўн йиллиги дунёдаги барча жиддий муаммолар, жумладан қашшоқлик ва гендер муаммоларидан тортиб то иқлим ўзгариши, тенгсизлик ва молиялаштиришдаги дефицитни камайтиришга қаратилган барқарор ечимларни амалга оширишни фаоллаштиришга чорлайди.

"Юксалиш" умуммилллий ҳаракати матбуот хизмати