@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Юртимизнинг халқаро рейтинглар ва индексларидаги ўрнини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди

 2019-10-04 13:32:00   |     Просмотров: 4630

Жорий йилнинг 4 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг асосий халқаро рейтингларидаги ўрнини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни тизимли ҳал қилиш механизмини ишлаб чиқиш”  мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат ва нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Давра суҳбати 2019 йил 25 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индексларидаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлашга кўмаклашиш, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижаларини муҳокама қилиш мақсадида ўтказилди.

Маълумки, қарорга мувофиқ амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолашнинг яхлит ва мустақил тизимини шакллантириш, шунингдек, республиканинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизимини яратиш каби қатор вазифалар белгиланган эди.

Бундан ташқари, ҳужжат билан алоҳида халқаро индексларга бириктирилган тадқиқот институтлари рўйхати шакллантирилиб, Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилган эди. Масалан Иқтисодий эркинлик индекси, Глобал рақобатбардошлик индекси, Бизнес юритиш (Doing business), Коррупцияни қабул қилиш индекси ва бошқалар.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати офисида бўлиб ўтган тадбир давомида масъул вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари, тадқиқот марказлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўтган вақт давомида ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот бердилар. Жумладан, белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳолати, ўтган вақт давомида қўлга киритилган ютуқлар ҳамда ўзгариш сезилмаётган йўналишлар таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, юртимизда ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг Қонун устуворлиги индекси, Иқтисодий эркинлик индексида ўз позицияларини яхшилашга имкон берди. Шу билан бирга, Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорликни яхшилашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар дастурини амалга оширишга киришди, солиқ ва божхона соҳаларида ҳам ижобий ўзгаришлар рўй бериши, шунингдек банк-молия соҳасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида жаҳон бизнесида катта таъсирга эга Fitch и S&P халқаро рейтинг агентликлари томонидан 2018 йил декабрида илк бор Ўзбекистонга суверен кредит рейтинги тақдим этилди. Бундан ташқари, яна иккита йирик рейтинг агентликлари - Moody’s и Standard & Poor’s билан ишлар олиб борилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, яқинда Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон бизнесга кўмаклашиш соҳасида катта ислоҳотларни амалга оширган энг яхши 20 мамлакат қаторига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари таъкидлаганидек, Британия тадқиқот ташкилоти “Economist Intelligence Unit” (EIU)нинг “Демократия индекси 2018” ҳисоботига кўра Ўзбекистон167 давлат ичида156 ўринни эгаллаган (Туркманистон  – 162, Тожикистон – 159, Эрон – 150, Озарбайжон – 149, Россия – 144, Беларусь – 137, Туркия – 110, Қирғизистон – 98). Индекс бўйича мамлакатимизнинг умумий баҳоси 2.01 баллни ташкил этди, хусусан, энг юқориси «Сиёсий маданият» категориясида – 5,00 балл, энг паст «Cайлов жараёни ва плюрализм» категориясида – 0.08 балл.

EIU ташкилотининг Жаҳон мамлакатлари демократия индекси мезони асосида ўзини ўзи баҳолаш учун Демократия индекси бўйича миллий методология ишлаб чиқилди. У ўз ичига 5 категория ва 60 индикаторни олган.

Ўрганиш натижалари умумлаштирилган таҳлилий маълумотлардан иборат бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади: 5 категориялар бўйича умумий йиғилган баллар; давлат ва жамиятда демократия ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни таҳлили; аниқланган муаммоларни ҳал этиш ва Ўзбекистоннинг Демократия индексидаги ўрнини яхшилашга қаратилган тавсиялар. Тахлилий маълумотлар ва тавсиялар кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, масъул вазирлик ва идораларга тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқаро рейтинглар бўйича фаолиятни амалга ошириш ва «Электрон парламент» тизимини жорий этиш учун масъул бўлган Ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлигини баҳолашнинг яхлит тизимини яратиш бўйича қатор камчиликлар кузатилмоқда. Шу ва яна бошқа қатор долзарб масалалар ташкил этилган давра суҳбати давомида мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.