Илк бор давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари форуми ташкил этилди
Жорий йилнинг 14 август куни жамоатчилик кенгашлари фаолиятини келгусида ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида Жамоатчилик кенгашлари форуми бўлиб ўтмоқда. Унда республиканинг барча ҳудудларидан Ўзбекистондаги ислоҳотларга ҳайрихоҳ бўлган 150 нафардан зиёд жамоатчилик кенгашлари вакиллари, ОАВ, фаол фуқаролар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 4 июлидаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида ҳар бир давлат органи, жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилгани халқ ва ҳокимият ўртасида ўзига хос “кўприк”нинг шаклланишига замин яратди.
Бугунги кунда жамоатчилик кенгашларини ўткир муаммолар, аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан конструктив мулоқот майдончасига айлантириш бўйича ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Жамоатчилик кенгашлари аъзолари салоҳиятини ошириш, уларга методик ва амалий ёрдам кўрсатиш, бу борада халқаро тажрибани ўрганиш, янги билим ва кўникмаларни амалиётга жорий этиш ушбу йўналишдаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қозоғистоннинг Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси ва АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурини ишга туширди. Дастур мустақил ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларга грантлар тақдим этиш, услубий ва амалий кўникмалар бериш, тренинг ва ўқув курсларини ташкил этишга йўналтирилган.
Соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ жорий йилнинг июль ойида ҳудудларга ташриф буюрдилар. Жойларда олиб борилган ўрганишлар давомида жамоатчилик кенгашлари фаолияти ва унинг аъзолари билан яқиндан танишдилар. Уларга экспертлар томонидан маслаҳатлар берилди.
Куни кеча Тошкент шаҳрида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг янги форматдаги учрашуви — “Ижтимоий инновациялар лабораторияси” муваффақиятли ташкил этилди. Унда иштирок этиш учун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан ҳамда Марказий Осиё давлатларида фаолият юритаётган 80 га яқин соҳа мутахассислари ташриф буюрди.
Бугун иш бошлаган Жамоатчилик кенгашлари форумига нафақат Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги фаол жамоатчилик кенгашлари вакиллари, балки Марказий Осиё мамлакатларининг катта тажрибага эга жамоатчилик кенгашлари аъзолари ҳам таклиф этилган. Форумнинг асосий мақсади — соҳадаги кўплаб янгилик ва ташаббусларни муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва энг асосийси ўтган вақт давомида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш орқали келгуси режалар ва соҳа ривожига қаратилган янги таклифларни ишлаб чиқиш.
Форум давомида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий давлатлар элчихоналари ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишмоқда. Шунингдек, синов тариқасида танлаб олинган жамоатчилик кенгашлари фаолияти тақдимоти ўтказилиб, бу борадаги Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари тажрибаси билан ҳам ўрганилади.
Форум якунларига кўра “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича билдирилган тавсиялар, шу жумладан давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорлик, фуқароларни устувор вазифалар ва ислоҳотларга фаол жалб қилиш бўйича таклифлар умумлаштирилди.
"Юксалиш" ҳаракати матбуот хизмати