@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Замонавий ОАВда таҳлилий материаллар ва янгиликлар контенти нисбати қандай бўлиши керак?

 2019-08-06 20:19:00   |     Просмотров: 2825

"Юксалиш" ҳаракати матбуот хизмати
2019 йил 2 август

Замонавий ОАВда таҳлилий ва янгилик контенти нисбатига оид масала Урганч шаҳрида журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган зонавий тренинг кун тартибидаги асосий мавзулардан бири бўлди. Айримлар аудиторияни таҳлилий материаллар қизиқтирмайди, “уларга фақат томоша керак”, деган фикрда. Бошқалар эса ўқувчи ва томошабин даражасига тушмасдан, аксинча, уларга сифатли журналистикага бўлган дидни шакллантириш кераклигига ишонади. Яна бошқалар эса "олтин ўрта"ни топишга ҳаракат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июль ойидан бошлаб республика оммавий ахборот воситалари вакиллари учун зонавий тренинглар бошланган. Шу вақт ичида ўтказилган тўртта семинар 10 та вилоят ва Қорақалпоғистон Республикасидан юзга яқин журналист, блогер ҳамда давлат идоралари ва ташкилотлари матбуот хизматлари мутахассисларини қамраб олди.

Маълумот учун: тренинглар “Ўзбекистонда журналистикада этикага оид халқаро стандартларни илгари суриш” лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Лойиҳани “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Буюк Британия элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширмоқда. Унинг асосий мақсади – 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон ҳудудларидаги ислоҳотларни объектив ёритиш учун миллий ОАВ вакилларининг касбий этика ва таҳлилий журналистика соҳасидаги салоҳиятини оширишдир.

Семинар очилишида “Юксалиш” ҳаракатининг ҳудудий бўлинмаси раҳбари, сенатор Саёра Абдикаримова ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги вақтинчалик ишлар вакили Дэвид Спайерс сўзга чиқди. Улар ОАВнинг очиқ ва шаффоф жамият қуриш, давлат идоралари фаолиятининг ошкоралиги ва ҳисобдорлигини таъминлашдаги роли, сўз эркинлиги ва замонавий ОАВни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

— Жорий йил июль ойида Буюк Британия ҳукумати Лондонда Медиа эркинлиги бўйича Глобал конференция ўтказди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан 60 дан ортиқ вазирлар иштирок этди, — деди Дэвид Спайерс. — Энг йирик делегациялардан бири Ўзбекистон делегацияси бўлиб, ташқи ишлар вазири бошчилигида қатнашди. Бу эса Ўзбекистон раҳбариятининг медиа соҳасидаги ислоҳотларга содиқлигини кўрсатади. Бугун касбий этикага оид масалалар долзарб аҳамият касб этмоқда. Журналистларнинг этик нормаларга риоя қилиши — сифатли контент яратиш, объектив ва ишончли маълумот тарқатиш, сохта хабарлар (“фейк ньюс”) олдини олиш учун муҳим омилдир. Биз Ўзбекистонда журналистик этикани халқаро стандартлар асосида ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаётганимиздан мамнунмиз.

Медиа соҳаси мутахассисларининг фикрича, кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида давлат ва жамиятда рўй бераётган ўзгаришларни касбий ёритиш ниҳоятда муҳим. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу борадаги материаллар сони ошган бўлса-да, ҳали етарли даражада эмас. Бу йўлдаги асосий тўсиқлар – кадрлар салоҳиятининг пастлиги, айниқса, ҳудудларда; ОАВ вакилларига етарли кўмак кўрсатилмаслиги; давлат идоралари билан алоқа етишмаслиги; мавжуд стереотиплар ва ўз-ўзини цензура қилишдир.

Жамиятда сифатли журналистикага бўлган талаб ортиб бормоқда. Журналистлар ва блогерларнинг турли ёш ва ҳудудлардан иштирок этаётган бундай майдонлар фикр, билим ва тажриба алмашиш, илғор амалийотлар ва замонавий технологиялар асосида таҳлилий материаллар ёзиш кўникмаларини оширишга хизмат қилади.

Иштирокчиларнинг фикрича, тренингларнинг интерактив шаклда ўтказилиши, амалий машғулотлар ва кичик гуруҳларда ишлаш билимларни самарали эгаллашга ёрдам берди. Тренерлар — Жаҳон тиллари университети доценти Беруний Алимов ҳамда журналист ва блогер Қобил Хидиров томонидан илгари сурилган очиқ мулоқот формати иштирокчиларнинг янги касбий қирраларини очишга имкон берди.

Тренинг давомида иштирокчилар таҳлилий журналистиканинг назарий ва амалий жиҳатлари, очиқ ва ёпиқ манбалар билан ишлаш услублари, таҳлилий материалларни визуализация қилиш, сохта хабарлар ва маълумотларни текшириш, замонавий журналистиканинг долзарб муаммоларини муҳокама қилдилар. Алоҳида сессияда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси томонидан миллий ва халқаро экспертлар, жумладан, ЮНЕСКО иштирокида ишлаб чиқилган Журналистларнинг касбий этикаси кодекси муҳокама қилинди. ОАВ вакиллари ва блогерлар ўз ҳудуди ва кундалик фаолиятидан келиб чиқиб, фикр-мулоҳазалари, аниқ таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Семинар якунунда иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

 

                                                                                                                                                                                                                     "Юксалиш" ҳаракати матбуот хизмати