@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

ПОДПИСАТЬСЯ

Ҳудудларда Давлат дастурларининг ижроси юзасидан ўтказиладиган жамоатчилик назорати тадбирлари ҳақида

 2019-04-22 17:24:18   |     Просмотров: 5624

Жорий йилнинг 29 апрель — 1 май кунлари давомида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва қатор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида фуқаролар ҳамда бизнес доира вакиллари билан мулоқот қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, давлат ва жамият қурилиши соҳаларида юз бераётган ислоҳотлардан уларни хабардор қилиш ҳамда қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказиш мақсадида ҳудудларга ташриф буюради.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4067-сон қарори билан тадиқланган 2019 йил учун Инвестиция дастурининг жойлардаги ижроси ўрганилади. Бунда лойиҳа-смета ҳужжатларининг тайёрланганлиги, лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли манбаларлардан маблағлар ажратилганлиги, лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар, мутасадди ва масъул бўлган давлат идораларининг ҳаракатлари, амалга оширилган ишларнинг муддатлари, миқдори ҳамда сифатига алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, мазкур тадбирлар доирасида Ҳаракатлар стратегиясини Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган бандларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тадбирларини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Хусусан:

106-банд. Халқаро ва давлат аҳамиятидаги ҳамда маҳаллий йўлларни қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича амалий чораларнинг кўрилиши, пудрат шартномаларининг тузилганлиги, манзилли рўйхатларнинг тузилганлиги, муддатларга риоя этилиши, ишларнинг сифати ва кўламини ўрганиш;

142-банд.Меҳнат гузарлари ва коворкинг марказларида фуқароларни тадбиркорлик лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ўқитиш амалиётини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режасининг ишлаб чиқилиши, амалга оширилиши ва муддатларга риоя этилишини ўрганиш;

178-банд. Шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлаш бўйича режалар ишлаб чиқилганлиги, маблағларнинг ажратилиши, ишларнинг сифати ва кўламини ўрганиш;

202-банд. Мактабгача таълимнинг қамровини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг тайёрланганлиги, ажратилган маблағларнинг сарфланиши, ишларнинг сифати ва кўламини ўрганиш;

Давлат дастурининг бошқа бандлари ижросини белгилаб қўйилган механизм бўйича амалга оширилиши ўрганилади.

Давлат дастурларнинг ижроси юзасидан жамоатчилик назорати Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ  давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаларини ўтказиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш каби ҳаракатлар билан амалга оширилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати